Ёшлар антидот бўлиши керак

Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов вазирлик тизимида фаолият кўрсатаётган ёш ходимлар билан мулоқот қилди.

Бир қарашда одатий ҳолат. Ахир, Президент топшириғидан сўнг бундай учрашувлар ҳукумат ва ҳокимиятнинг барча бўғимларида бирин-кетин ўтказилмоқда. Ҳа энди, денгиз бир мавжланиб, тинади-да, дерсиз. Албатта! Фақат гап бунда эмас. Раҳбар ва ходим ўртасидаги масофа қўл узатиш даражасигача қисқарач, ўзаро суҳбатда расмий оҳанг самимийлик билан алмашади. Демакки, кўп гаплар очиқ-ошкора айтилади, аччиқ ҳақиқат юзага чиқади, муаммоларга жиддийроқ эътибор қаратилади. Бу эса наинки бир ташкилот ёки идора, балки бутун мамлакат тараққиётига ғов бўлаётган ичимиздаги иллат ва стереотипларга қирон келтиришнинг энг самарали усулидир.

Дарвоқе, стереотиплар ҳақида. Негадир раҳбарнинг фикрини доимо маъқуллаш, топшириғини сўзсиз бажариш, нима деса қуллуқ қилиб туришга одатланиб қолганмиз. Тўғри, ўзидан бир бош каттага ҳурмат кўрсатиб, обрўсига путур етказмаслик бамаъни инсоннинг иши. Лекин жамоада қайсидир муаммо газаклаганида ёки жўяли таклифинг борлигида чурқ этмай ўтириш ҳам адолатдан эмас. Вазир суҳбатнинг бошидаёқ мана шу жиҳатга эътибор қаратар экан: “Эшигим доимо очиқ, лекин ҳалигача биронтангиз ҳам олдимга эътироз ёки ташаббус билдириб кирганингиз йўқ. Бизга ўзаро ҳамжиҳатлик, садоқат, жонкуярлик етишмаяпти. Ахборот маконида баъзан асоссиз танқидлар, ҳатто бўҳтонларга дуч келяпмиз. Ижтимоий тармоқларни ҳамма кузатади, аммо орамиздан бирон киши қуруқ сафсата сотаётганларга жавобан жўяли гап айтдими, ақли етмаётган нарсасини тушунтириш, ҳақиқатни англатишга ҳаракат қилдими? Йўқ. Бундай боқибеғамлик яхшиликка олиб келмайди, дўстлар. Бугун ўз ташкилоти, жамоасини ҳимоя қила олмаган инсон, эртага қандай қилиб юрт фидойисига айланиши мумкин. Ўзбекистонда олиб борилаётган ислоҳотларни атайин нотўғри талқин этишга уринаётган ғаламислар илон заҳрига ўхшайди. Ёшлар шу заҳарнинг кучини йўқотадиган антидот бўлиши зарур. Биласизми, ҳатто ҳайвон ва ҳашаротларда ҳам бирдамлик инстинки бор. Масалан, чумоли, асалари ва термитлар жамоасидаги лидерларни жуда эҳтиёт қилади. Бу жиҳатдан улардан ўрнак олсак арзийди.

Иброҳим Абдураҳмонов нафақат мансабдор шахс, балки жаҳонда тан олинган генетик олим, академикдир. У молекуляр биология соҳасида бир қанча оламшумул тадқиқотларни амалга оширган. “Илм йўлида кўпгина тўсиқларни енгиб ўтганман, — дейди Иброҳим Йўлчиевич. — Лекин ҳеч қачон таслим бўлмасдим. Қоқилсам турардим, мағлуб бўлсам яна курашардим. Аслида машаққатлар кишини тоблайди. Вақтида мен ҳам мутасаддиларнинг қабулига киролмай, кунлаб, ҳафталаб сарсон бўлиб юрганман. Ёшларга ҳозиргидек эътибор йўқ эди. Шунга қарамай, доимо қандайдир ғоя ва ташаббуслар билан қайнаб турардик. Масалан, ўзим илм қилиш, изланиш баробарида жамоатчилик ишларига ҳам улгурардим — факультетда “Камолот” етакчиси бўлганман. Кўпчилигингиз 30 ёшга ҳам тўлмагансиз. Умрнинг бу фаслида киши ғайрат-шижоатга тўлиб-тошади. Вазирлигимиз тизимида салкам 90 нафар ёш ходим меҳнат қилмоқда. Ўзаро келишиб, баронта антиқа лойиҳа яратиш мумкин-ку. Мана, ҳозир юртимизда илмий ишланмаларни тижоратлаштириш амалиёти йўлга қўйилмоқда. Қанчадан-қанча олимларимиз интеллектуал маҳсулотига харидор тополмай юрибди. Марҳамат, ёшларимиз бирлашиб инвестицион компания ташкил қилсин. Устозларга ёрдам бўлади. Ўзлари ҳам кўп нарсани ўрганади, тажриба орттиради. Бундай ташаббуслар аслида сизлардан чиқишини хоҳлайман. Сиз мени, ўринбосарларимни “тинч қўймаслигингиз” керак. Шундагина ўсиш, ривожланиш бўлади”.

Мулоқот давомида Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Ёшлар академияси раҳбари, вазир ўринбосари Олимжон Тўйчиев ҳам фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашди. “Охирги йилларда талабалар, ёш олим ва тадқиқотчиларни рағбатлантириш, уларни стартап танловлари, стажировка дастурларига фаол жалб қилишга эътибор қаратяпмиз-ю, аммо тизимдаги ёшлар ҳақида бироз унутиб юборгандекмиз, — деди у. — Менимча, ўзимизда ҳам хорижда малака оширишга кўпроқ имконият бўлгани яхши. Қолаверса, ичимиздан ёшлар етакчисини сайлашни таклиф қиламан”.

Иброҳим Абдураҳмоновнинг ўзи эса ёш ходимлардан ҳар ойда лоақал бир маротаба ғоя ва ташаббусларини қоғозга тушириб, вазирга мактуб ёзишни сўради.

Тадбирда иштирок этган Инновацион ишланмаларни жорий этиш илмий-амалий маркази, Илғор технологиялар маркази, Инновацион ривожланиш нашриёт-матбаа уйи, Фан ва технологиялар маркази, Яшнобод технопарки, Халқаро молекуляр аллергология маркази, Инновацион ривожланиш ва новаторлик ғояларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси вакилларига ҳар иккала таклиф манзур келди. Шунингдек, ёшлар норасмий форматда мунтазам учрашиб туришга келишиб олди.

Наргиза УМАРОВА

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi.