Мурожаатнома — ҳаракатга даъватдир

Янги Ўзбекистон. Ушбу ибора тилимизга яқиндагина кириб келганига қарамай, миллионлаб юртдошларимиз онгу шуурига сингишга улгурди. Уни ҳар ким ўзича тушуниб, талқин қилиши ҳам табиий. Мен учун янги Ўзбекистон миллий тараққиётнинг шонли манзили, биздан келгуси авлодларга қолажак улкан меросдир.

Улуғвор мақсадларга ҳеч замонда осонликча эришилмаган. Юксалиш катта жасорат ва қурбонликни талаб қиладиган жараён. Эртага яхши яшаш, илғорлар сафида бўлиш, халқаро ҳамжамиятнинг ҳавасини келтириш учун бугун тиним билмай, қаттиқ меҳнат қилиш зарур. Эл-юрт корига камарбасталик, мамлакат тақдирига дахлдорликни шахсан мен шундай тушунаман. Президентимиз Олий Мажлисга қилган Мурожаатномасида ҳам бу борада кўп ва хўп гаплар айтди.

Давлат раҳбарининг куюнчак нутқини нафақат ёш тадқиқотчи, балки оддий бир фуқаро сифатида қунт билан эшитдим. Эшитибгина қолмай, қалбимга жо айладим. Сабаби унда халқни қийнаётган кўпдан-кўп масалалар, оёғимизга тушов бўлиб турган баттол иллатлар, давлат олдидаги принципиал муҳим вазифалар тилга олинди, фавқулодда ҳаётбахш ташаббуслар илгари сурилди. Президент давлат бошқаруви, молия, суд-ҳуқуқ тизимидаги муаммоларни очиқлагани, амалдорлар ишидаги камчиликларни рўй-рост кўрсатиб, қонунлар ижросига жиддий эътироз билдиргани алоҳида эътиборимни тортди. Лекин бундай танқидларни шунчаки аччиқ гап эмас, балки ҳаракатга даъват дея қабул қилмоқ жоиз. Илло, юзимизга кўзгу тутиб, ўзимизни тафтиш этиб, хатоларни тан олмас ва тузатмас эканмиз, том маънодаги демократик мамлакатга айланолмаймиз.

Мурожаатномада Шавкат Мирзиёев кўплаб масалаларга тўхталди. Жумладан, иқтисодиёмизнинг локомативига айланиши кутилаётган туризм соҳасини ривожлантириш юзасидан ҳукуматга тегишли топшириқлар берди. Жорий йилда юртимизга келадиган сайёҳлар сонини 7,5 миллионга етказиш зарурлиги қайд этилди. Шу ўринда Президент дунёдаги бир қанча нуфузли нашрлар 2020 йилда Ўзбекистонни саёҳатга албатта бориш тавсия этилган ўлкалар қаторига қўшганини фахр билан эътироф этди. Ажаб эмаски, буни мутасаддилар ўзи учун муҳим сингал сифатида қабул қилса.

Давлатимиз раҳбари Ўзбекистонда зиёрат ва тиббиёт туризмини жадал ривожлантириш зарурлигини ҳам айтди. Тасаввур қилинг-а, юртимиз ҳудудида 8 мингдан зиёд маданий мерос объекти мавжуд. Бироқ туризм маршрутларига уларнинг 500 таси киритилган, холос. Қолгани ҳақида хорижий сайёҳлар тугул, ҳатто маҳаллий аҳоли ҳам деярли ҳеч нарса билмайди. Ваҳоланки, бундай бебаҳо ресурсдан оқилона фойдаланиш  ҳам маънавий, ҳам иқтисодий жиҳатдан фақат фойдадир.

Бухорои шарифни олайлик. Бу муқаддас замин дунёга йирик туристик марказ сифатида танилган. “Етти пир”, “Эски шаҳар” маршрутлари орқали ҳар йили минглаб сайёҳлар кўҳна ва боқий кентнинг тарихи, муқаддас қадамжолари билан танишмоқда. Келгусида вилоятда пайғамбаримиз авлодлари, Жўйбор хўжалари, пиру авлиёлар ўтган масканлар, шунингдек, ноёб табиий объектлар ҳамда шифобахш чашмаларга зиёратлар ташкил қилиш мумкин.

Мурожаатномада Президент туристик маршрутлардаги объектлар сонини 800 тага етказиш масаласини кўндаланг қўйди. Шу билан бирга ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон моддий маданий мероси ва Номоддий маданий мероси рўйхатига Ўзбекистондаги янги объектларни киритишни тезлаштириш лозимлигини уқтирди. Ҳар иккала талаб асосли ва тўғридир.

Туризм инфратузилмасини меҳмонларсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Уларни кўпайтириш мақсадида давлат 200 миллиард сўм миқдорида субсидия ажратишни кўзда тутган. Натижада Бухоро вилоятининг ўзида 100 га яқин, шаҳарда эса 68 та янги меҳмонхона барпо этилади. Қолаверса, кўп йилдан буён фаолияти тўхтаб қолган 480 ўринли “Бухоро палас” ва 390 ўринли “Зарафшон” меҳмонхоналари бинолари реконструкция қилинади.

Бухоро 2020 йилда Ислом маданияти пойтахти, деб эълон қилинди. Жорий йилда биз хожагон тариқати асосчиси Абдухолиқ Ғиждувоний таваллудининг 915 йиллиги, Ҳазрат Баҳоуддин Нақшбанд таваллудининг 700 йиллигини кенг нишонлаймиз. Бу эса зиёратчилар сони янада ортишидан далолат беради. Шу туфайли йил давомида Туркия, Хитой, Индонезия, Бирлашган Араб Амирликлари, Малайзия, Исроил ва Россиянинг бир қатор шаҳарларидан вилоятга чартер рейсларини йўлга қўйиш режалаштирилган.

Президентимиз 2020 йилга “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили” деб ном беришни таклиф қилганида жуда қувондим. Чунки илму маърифат  инсонни улуғлайди, бунёдкорликка, яратувчанликка ундайди. Донишмандлар айтганидек, энг катта бойлик — бу ақл-заковат ва илм, энг катта мерос — бу яхши тарбия, энг катта қашшоқлик — билимсизликдир. Шавкат Мирзиёев бу ҳикматини такрорлар экан, барча ишларнинг замирида илм ётиши, маърифатли инсон жамиятни ривожлантиришга қодирлиги, билимсиз ҳеч нимага эришиб бўлмаслигини қайд этди.

Кириб келган янги йил ҳаётимизга нурафшонлик олиб кирсин. Мурожаатнома эса барчамиз учун дастуриламал бўлиб хизмат қилсин.

Шавкат БОБОЖОНОВ,

Ўзбекистон Фанлар академияси

 Тарих институти таянч докторанти  

1 thought on “Мурожаатнома — ҳаракатга даъватдир

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi.