Дзюдочиларимиз “Катта дубулға”ни 2 олтин медаль билан якунлади

Германиянинг Дюссельдорф шаҳрида дзюдо бўйича “Катта дубулға” туркумига кирувчи турнирда дунёнинг 115 давлатидан 650 дан зиёд полвон ғолиблик учун куч синашди.
Мусобақада 100 килограммгача вазн тоифасида мамлакатимиз шарафини ҳимоя қилган Муҳаммадкарим Хуррамов дастлабки босқичда Франция, Латвия, Мўғулистон ва Озарбайжондан келган дзюдочиларни енгган бўлса, ярим финалда бразилиялик Рафаэль Бухакарини, финал жангида озарбайжонлик Элмар Гасимовни мағлубиятга учратиб, олтин медални қўлга киритди.
Вазни 90 килограммгача бўлган Давлат Бобонов эса финалга қадар Тожикистон, Қозоғистон, Грузия ва Куба вакилларини мағлубиятга учратди. Финал беллашувида украиналик Куеджау Набалини иппон эвазига мағлуб этди ҳамда шоҳсупанинг энг юқори поғонасидан жой олди.
Шу тариқа, нуфузли турнирни икки олтин медаль билан якунлаган терма жамоамиз кучли учликдан жой олди.
Жавоҳир ТОШХЎЖАЕВ, ЎзА

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi.