Буэнос-Айресда 700 та! Тошкентда эса 70 та ҳам чиқмайди

Бугун китоб ва китобхонлик ҳақида кўп гапиряпмиз. Шундай қилиш керак ҳам. Ахир, халқнинг тафаккури мутолаа воситасида юксалади, ўқиш инсонга нафақат билим ва маънавий озуқа беради, балки танқидий фикрлашга, теран мулоҳаза юритишга ўрганади. Демак, китобхонлик тарғиботини канда қилмаганимиз маъқул.
Лекин тарғиботнинг тарғиботдан фарқи бор. Психологлар шахсий намуна кўрсатишни энг мақбул усул, деб ҳисоблайди. Тақлид қилиш бола табиатига хослигини биламиз. Шу маънода у ота-онаси ёки қалбидан жой олган бошқа шахслар, масалан, устозининг йўл-йўриғига амал қилади, хатти-ҳаракати, баъзан ҳатто одатларини такрорлашга уринади. Мунтазам равишда уйга китоб сотиб олиш, вақти-вақти билан кутубхонага бориб, сара адабиётлар билан танишиш, газета ва журналларга обуна бўлиш ёшларга яхши мотивация беради. Ҳарқалай, муҳитда ҳам гап кўп.
Негадир шаҳарларимизда китоб дўконлари кам учрайди. Худди талаб шунга ярашадек. Аслида бу фикрга қўшилиш қийин. Ахир, ё ўзи, ё фарзанди, жуда бўлмаса, совға учун китоб харид қиладиган юртдошларимиз талайгина. Қани эди ҳар бир маҳаллада китоб савдоси йўлга қўйилса-ю, маънавий эҳтиёжимизни қондириш учун километрлаб йўл босишга ҳожат қолмади.
Яқинда интернетда қизиқ маълумотни ўқиб қолдим. Аргентина пойтахти Буэнос-Айресда бор-йўғи 3 миллион аҳоли истиқомат қилади. Шугина одамга нақ 700 та китоб дўкони тўғри келар экан! Олис ўлкани қўятуринг, ҳатто қўшни Қозоғистон ҳам бу борада биздан анча илгарилаб кетган. Баъзи мамлакатлар-ку аллақачон электрон китоб савдосига ўтиб бўлди. Афсуски, Ўзбекистонда китоб дўконлари на анъанавий, на замонавий шаклда оммалашмоқда. Ваҳоланки, соф иқтисодий нуқтаи назардан бизнеснинг ушбу туридан яхшигина даромад топиш мумкин.
Пойтахтимиздаги машҳур “Китоб олами” ва “Книжный мир” дўконлари раҳбари Юрий Ким яқинда берган интервьюсида юртимизда босма нашрлар савдоси ривожланаётганини таъкидлади. “Москва ёки Олмаотада электрон китоблар босма нашрлар савдосини аста-секин “ўлдирмоқда”, — деди у. — Лекин Ўзбекистонга мазкур тенденция ҳали етиб келмаган. Демак, ҳозир китоб савдосини жонлантиришнинг айни фурсати. Атрофимизда мутолаага ташна инсонлар кўп. Сўнгги пайтда, айниқса, болалар адабиётига талаб ортган. “Книжный мир” дўконини очганимизда умумий савдонинг фақат 20 фоизи болалар бўлими ҳиссасига тўғри келарди. Ҳозир бу кўрсаткич тахминан 30−40 фоизни ташкил қилмоқда.
Тўғри, китоб бизнесидан бирданига даромад олиш қийин. Бунинг учун камида икки-уч йил талаб қилинади. Бир ҳисобдан, унча кўп вақт эмас. Натижасидан эса бутун эл баҳраманд бўлади. Ахир, китоб дўкони очиш халқнинг илму маърифатли бўлишига ҳисса қўшиш билан баробар.
Мавзу юзасидан тадбиркорларнинг фикрларини ҳам ўргандик. Аксарияти дўкон қуриш учун аҳоли гавжум жойдан ер олиш муаммо эканини айтди. Вилоятларда бу масала, айниқса, долзарб. “Ҳокимият дарров бўғзингиздан олади, бирон баҳона топиб, ишни пайсалга солади, — дейди ўзини таништиришни хоҳламаган қаршилик тадбиркор. — Туманларда бюрократия ҳали ҳам кучли. Ўзимнинг бошимдан ўтган. Китоб дўкони очмоқчимисиз ёки маиший хизмат шохобчасими — ҳеч кимнинг иши йўқ. Мутасаддилар тадбиркорни аямай югуртиради. Жуда бўлмаса, овлоқроқ жойдан ер бериб қутулади. Охири, “Э, бор-ей!” деб қўл силтаб кетасан, киши. Китоб савдоси учун озгина рағбат ёки имтиёз берилса, ўйлайманки, халқ бундан фақат ютади.
Хулосани ўзингизга ҳавола этдик, дўстим. Нима бўлганда ҳам миллатнинг китобга меҳрини сўндирмаслик биринчи даражали вазифамиз бўлиб қолсин.

Н.БАҲОДИРОВА