Океанортида президентлик сайловларига қизғин тайёргарлик кўрилмоқда

АҚШда президент сайлови ҳар 4 йилда – 4 га қолдиқсиз бўлинувчи йилларнинг ноябрь ойида ўтказилади.

АҚШ Конституциясига кўра, президент камида 35 ёшда ва Америка фуқароси бўлиши лозим. Президентликка номзодлар ҳар тўрт йилда бир маротоба ўтказилувчи президент сайловларидан бир неча ой илгари сиёсий партиялар томонидан танлаб олинади. Бунинг учун сайловда иштирок этувчи партиялар ичида бошланғич сайловлар, яъни праймериз ўтказилади. Айни шу праймериз якунларига кўра партияларнинг ягона номзоди аниқланади.

“Праймериз” инглизча сўз бўлиб, “бошланғич, дастлабки сайловлар” деган маънони англатади. Кўпчилик “оралиқ сайловлар” ҳам деб атайди. Бу – нотўғри таржима. АҚШда оралиқ сайловлар бўшаб қолган ўринларни тўлдириш мақсадида фақат Конгрессга ўтказилади.

Праймериз бир қатор мамлакатларда ўтказилишига қарамай, нима учундир кўпроқ АҚШга хос жараён саналади. Бу мамлакатда ҳар тўрт йилда ўтказиладиган президентлик сайловлари ўтадиган йилнинг январь-июнь ойларида партиялар праймериз ўтказади. Унда сиёсий партиялардан президентликка ягона номзод танлаб олинади. Кўп холларда жараённинг ўрталарида ягона номзоднинг ким бўлиши аниқланади. Шу давр ичида ягона номзод аниқланмаган тақдирда, уни партиянинг олий анжуманигача кутишга тўғри келади.

Таҳлилчиларнинг сўзларига қараганда праймериздан асосий мақсад бир партиядан кўрсатилган номзодлар овозларни бир-бирларидан тортиб олмаслик учун штатларда дастлабки сайловлар ўтказилади. Партиялардан кўрсатиладиган номзодлар праймериз давомида 1144 делегатнинг қўллаб-қувватлашига эга бўлиши лозим. Шуни таъкидлаш керакки, праймеризда мағлубиятга учраган номзодлар кўп ҳолларда мустақил номзод сифатида президентлик сайловларида иштирок этади.

Эслатиб ўтамиз, АҚШда бўлиб ўтадиган президентлик сайловида фақат икки номзод – демократлар ва республикачилардан вакиллар қатнашади деган тасаввур мутлақо нотўғри. Аслида президентлик сайловларига расман ўнлаб номзодлар қўйилади. Бироқ ёзилмаган қоидага кўра, нима учундир 2 та партия вакилларига кўпроқ эътибор қаратилади.

АҚШда илк бор праймериз 1842 йилда ўтказилган. 1903 йилда илк бор Висконсин штатида “Мажбурий праймериз ўтказиш тўғрисида”ги қонун қабул қилинган. 1927 йилга келиб барча штатларда бу каби қонунлар кучга кирди. Шу тариқа праймериз партиявий номзодларни танлаб олишда асосий жараён сифатида тан олинди. Унга қадар номзодлар партия анжуманларида, кўп ҳолларда музокаралар натижасида танлаб олинарди. Кейинчалик маҳаллий партия раҳбарининг таъсирини сусайтириш мақсадида праймеризлар ўтказилиши керак, деган фикрга келинди.

Айни дамда АҚШнинг 11 та штатида праймериз эмас, балки партия конференциялари ёки партиявий референдумлар (кокус) ўтказилади. Праймериз тўғридан-тўғри ва яширин овоз бериш асосида ўтказилади. Яширин овоз беришда партиянинг рўйхатга олинган аъзолари қатнашади. Очиқ овоз беришда эса партиявий қарашидан қатьи назар, барча хоҳловчилар иштирок этади. Мабодо, бир партиянинг праймеризида бошқа партия тарафдори иштирок этгудек бўлса, партиянинг ялпи анжумани мазкур штатдаги овоз бериш натижаларини тан олмаслиги мумкин. Овоз бериш жараёнини ҳар бир штатнинг ўзи белгилайди. 1980-йиллардан бошлаб февраль ойининг биринчи сешанбасида бир нечта штатда ўтказиладиган “суперсейшанба” феномени юзага келди.

1951 йилда тасдиқланган 22-қўшимчага мувофиқ, АҚШда президент лавозими 2 муддат билан чегараланган. Вице-президент президент билан биргаликда хизмат қилади. Вице-президент ворислик ҳуқуқига эга бўлишдан ташқари Сенат раиси ҳамдир. Ҳам президент, ҳам вице-президент ўз лавозимларидан кетган ҳолларда, президентликни Вакиллар палатасининг раиси (спикери) ўз зиммасига олади. Кейинги навбатда, Сенатга вақтинчалик раислик қилувчи (вице-президент йўқ бўлган ҳолларда мажлисга раислик қилишга Сенат томонидан сайланувчи сенатор) ва муайян тартибда, ҳукумат арбоблари тайинланади.

Америка президент сайлашнинг фақат ўзига хос усулига эга. Номзодларнинг исм-шарифлари сайлов варақаларида белгиланган бўлишига қарамай, техник жиҳатдан сайловчилар президент (ёки вице-президент) учун тўғридан-тўғри овоз бермайди. Ҳар бир штат аҳолиси ўша штатнинг Конгрессда бўлган сенатор ва вакиллар сонига тенг “Президент сайловчилари”ни саралайди. Ҳар бир штатнинг энг кўп овоз олган номзоди мазкур штатнинг барча овозларини ўз ҳисобига ўтказишга эришади.

Барча 50 та штат ва Колумбия округининг сайловчилари, жами 538 шахс – Сайловчилар коллегияси сифатида маълум бўлган Ҳайъатни ташкил қилади. Конституцияга кўра, коллегия ҳеч қачон ташкилот тариқасида бир жойда тўпланмайди. Балки мазкур сайловчилар штат пойтахтларида сайловдан кўп ўтмай йиғилади ва ўз штатларида аҳолининг кўпчилик овозига эришган номзодга овоз беради. Муваффақият қозониш учун, президентликка номзод 538 овоздан 270 та овоз тўплаши шарт.

Президентнинг лавозимга киришиши ноябрь ойида бўлиб ўтган сайловлардан сўнг, 20 январда бошланади. Аньанага кўра, президентнинг расмий фаолияти Капитолий биносида жойлашган Конгресс олдида ўтказилувчи инаугурация​ маросимидан бошланади. Олий суднинг бош судьяси бошчилигида янги президент ошкора равишда ўз мансабига қасамёд қилади. Қасамёд маросимидан сўнг, инаугурация​ мурожаатномаси эълон қилиниб, янги президент ўз сиёсий йўналиши ва режаларини баён этади.

АҚШ президенти лавозимига кўра жаҳондаги энг қудратли шахслардан биридир. Президент, АҚШ Конституциясида белгиланганидек, қонунлар ҳалол ижро этилиши тўғрисида жон куйдириши лозим. Мазкур масъулиятни адо этиш учун президент федерал ҳукуматнинг ижроия тармоғини – тахминан 4 миллион кишилик улкан ташкилотни бошқаради. Шулардан бир миллиони ҳарбийлардир. Қўшимча равишда президент муҳим қонун чиқариш ва суд ҳуқуқларига ҳам эга.

Шарофиддин Тўлаганов, ЎзА