Yoshlar ovozi

O‘zbekiston yoshlar ittifoqining ijtimoiy-siyosiy, iqtisodiy, adabiy-badiiy gazetasi

Ғолибга 50 миллион сўм!

Пойтахтимизда “Стартап ташаббуслари” дастурининг 2019 йилги ғолиблари аниқланди. Лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, БМТ Тараққиёт дастурининг юртимиздаги ваколатхонаси, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, Савдо-саноат палатаси, IT-парк ҳамда “Рақамли ишонч” жамғармаси билан ҳамкорликда амалга оширилган.
Танловнинг якуний босқичи Ёшлар пресс-клубида бўлиб ўтди. Унда республика ҳудудларидан сараланган 27 та жамоа ўз лойиҳаларини тақдим этди. Стартаплар масофавий таълим, туризм, бандликка кўмаклашиш, маиший хизмат кўрсатиш, сунъий интеллект, робототехника, тиббиёт ва лингвистика соҳаларини қамраб олган.
— Дастурда ҳаммаси бўлиб 648 талабгор қатнашди, — дейди ташкилотчилардан бири Усмон Раҳимжонов. — Дастлабки чиғириқдан ўтган ташаббуслар кейинчалик малакали экспертлар, таниқли тадбиркорлар, венчур фондлари ҳамда инвестицион компаниялар вакилларидан иборат ҳакамлар хайъати томонидан баҳоланди. Натижада бешта истиқболли лойиҳани танлаб олдик (қуйида ҳар бири бўйича батафсил маълумот келтирилган – муаллиф). Уларнинг муаллифларига махсус сертификат, биллур кубок ҳамда 50 миллион сўмлик мукофот чеки топширилди. Ғолиб жамоалар, шунингдек, Тошкент шаҳридаги “C-Space” ва “Ground Zero” коворкинг марказларидан бепул фойдаланиш имкониятига эга бўлди.
Айтиш керак, “Стартап ташаббуслари” дастури шунчаки танлов эмас. У ёшларни стартап бизнеси билан яқиндан таништирувчи ўзига хос ўқув модули ҳисобланади. Шундай қилиб, ўтган йили финалга йўлланма олган 27 та жамоа аъзолари уч ой мобайнида ўзларига бириктирилган устоз (трекер)лар ёрдамида мижозларнинг эҳтиёжларини ўрганди, лойиҳани амалиётда синаб кўриш орқали камчиликларини аниқлаб, уларни бартараф этиш чораларини кўрди. Шу билан бирга, ёш стартаперлар учун вилоятлар кесимида “тежамкор стартап” методикаси асосида амалий семинарлар ўтказилган.
______________________________________
* “Стартап ташаббуслари” дастурида ғолиб бўлган лойиҳалар:
“2work” – ишсиз аҳолига тендер асосида Ўзбекистон ҳудудида маиший ва бизнес хизматларини кўрсатиш бўйича электрон платформа.
“Mammo Cancer AI” – сунъий интеллект технологияси асосида рентген тасвирларини таҳлил қилиб, кўкрак бези саратонини ташхисловчи мобиль илова.
“Stoma CRM” – стоматологик клиника раҳбарлари ва шифокорларга иш жараёнини автоматлаштириб, ортиқча ҳужжатбозликдан қутулиш имконини берадиган дастур.
“Med ID” – барча турдаги тиббиёт муассасалари учун мўлжалланган мижозлар билан алоқа боғлашнинг универсал CRM тизими.
“Vegan.uz” – вегетариан таомлар ва ширинликлар тайёрлаш ҳамда етказиб бериш хизмати.

Роҳатой ҚОДИРОВА

"Yoshlar ovozi"

Наверх