Шукр қилинг: бу кунлар ҳам ортда қолгай!

Бугун нафақат юртимиз, балки бутун инсоният ягона бир синов, офатга қарши курашмоқда. Тождор вирус кишилик жамиятига ҳар томонлама улкан таҳдид солмоқда. Эътибор берсак, синовли кунларда баҳамжиҳат бўлган, ҳукумат томонидан талаб этилган тартибларга қатъий амал қилганлар унинг чангалидан осон қутилмоқда.
Мамлакатимизда ҳам коронавирус пандемиясига қарши кураш жадал суръатларда олиб борилмоқда. Айни пайтга қадар 1 минг 657 нафар юртдошимиз ҳасталикка чалинган бўлса, юз мингдан зиёд аҳоли карантинда тиббий назорат қилинмоқда. Пандемия юртимизга кириб келганига бир ойдан ошди. Аксарият ишхоналар вақтинчалик фаолиятини тугатган, аҳолининг айрим қатламида моддий етишмовчилик учраши табиий. Мана шу муаммонинг олдини олиш мақсадида фуқароларни зарур тиббий воситалар билан таъминлаш, ижтимоий ҳимояга муҳтож кишилар, ёлғиз ва кекса¬лар, ногиронлиги борларни ҳар томонла¬ма қўллаб-қувватлаш, карантин даврида аҳолининг озиқ-овқат маҳсулотларига бўл¬ган эҳтиёжини тўлиқ қондириш мақсадида корхона, ташкилотлар томонидан ҳам хай¬рия тадбирлари уюштириляпти.
“Меҳр-шавқат ва саломатлик” жамоат фондига ҳамюртларимиз томонидан ҳомийлик маблағлари ўтказилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳузурида Хайрияларни мувофиқлаштириш қўнғироқ маркази ташкил этилди. Ёшлар иттифоқининг 100 дан зиёд кўнгилли ёшлари ихтиёрий равишда фаолият олиб бормоқда. Марказда рўзғорида етишмовчилиги бор инсонларга кўмак бериляпти. Албатта, бу каби хайрия тадбирлари узлуксиз давом этаётгани қувонарли ҳолдир.
Аммо… Мана шу ерда таъбинг хира тортади. Марказ фаолиятини кузата туриб, юрагимда оғриқ турди. Марказ ходимларининг айтишича, кўпгина ҳамюртларимиз асосий истеъмол маҳсулотлари билан бирга иккиламчи маҳсулотларни ҳам сўрашмоқда экан. Кимдир сигарет, бошқа биров фарзандига таглик, сархил мевалар, ширинликларни олиб келиб беришлари талаб қилишаётгани эшитяпмиз. Диққат билан разм солсак, уларнинг аксариятининг рўзғори бут, давлатманд инсонлар. Бу ҳатти-харакатлари эса “тўқликка шўхликка” ўхшайди. Чиндан муҳтож, аммо ёрдам олишга ийманаётган, фарзандларининг қорнини тўйдириш мақсадида ноилож қўнғироқ қилган юртдошларимиз эса юқоридаги “рўзғори бут ночорлар” сабаб марказ ходимлари билан боғлана олмаяпти.
Афсуски, кўпгина фуқароларимизда боқимандалик кайфияти ҳукмрон. Аммо бу билан нима ўзгаради? Инсоннинг ўзида бўлмаса, нима наф? Бу ҳам етмаганидек, ҳокимият томонидан кам таъминланган оилалар рўйхатидаги инсонларга эҳсонлар берилганида уни тасвирга олиб, неъматга ношукрлик қилаётганлар ҳам учрамоқда.
Аллоҳ таоло Нисо сурасининг 36-оятида “Ва Аллоҳга ибодат қилинглар ва Унга ҳеч нарсани ширк келтирманглар. Ота-онага, қариндошларга, етимларга, мискинларга, яқин қўшниларга, ён қўшниларга, ёнбошдаги соҳибларга, кўчада қолганларга ва қўлингизда мулк бўлганларга яхшилик қилинглар. Албатта, Аллоҳ ўзини юқори тутувчи ва одамлар устидан фахр қилувчиларни хуш кўрмас”.
Аллоҳнинг шукр қилувчилик сифати банданинг оз қилган амалига ҳам кўп савоб бериш билан уни мукофотлашига далолат қилади. Шунингдек, Бақара сурасининг 152-оятида “Бас, Мени зикр қилинг, сизни эсларман. Ва Менга шукр қилинг, куфр келтирманг”, дейилади.
Юқорида айтиб ўтганимиздек, шукр қилиш неъмат берувчи Зотга мақтов сўзларини айтиш ва неъматни уни берган Зотнинг розилиги учун ишлатиш билан бўлади. Аммо тили билан “Шукр”, деса-ю, амали билан Аллоҳнинг айтганидан бошқани қилса, куфрони неъмат қилган бўлади. Мўмин-мусулмон доимо Аллоҳ таолони зикр этиб, Унга шукр қилгандагина, иши олға босади.
Насиб этса, бу кунлар ҳам ортда қолади. Фақатгина биздан шукр қилиш, ҳукумат томонидан белгиланган тартибларга қатъий риоя қилиш талаб этилади, холос. Бу дамларнинг қанчалик тез барҳам топиши эса ўз қўлимизда!
Вилоятхон БОЙТЎРАЕВА,
Чуст туманидаги 21-умумтаълим мактаби ўқитувчиси