РАСМИЙ МУНОСАБАТ: юртимиз чорванинг юқумли касалликларидан холи ҳудуд

Ижтимоий тармоқларда мамлакатимизда “овсил” вирусли касаллиги тарқалаётганлигига оид миш-мишлар тарқатилган эди. Ўрганишлар натижасида ушбу хабарлар асоссиз эканлиги аниқланди. Яъни, эпизоотолог, вирусолог ва бошқа мутахассислар чорвачиликда “овсил” касаллиги йўқлигини маълум қилишди.

Қуйида ветеринария фанлари доктори, профессор Хайит Салимовнинг бу хусусдаги фикр ва мулоҳазаларини эътиборингизга ҳавола этамиз.

“Чорвачиликда “овсил” касаллиги учрамайди, — дейди профессор. — Лекин жаҳон ветеринариясида “оқсил” деган дард қайд қилинган. Энг қизиғи, охирги беш йилликда Ўзбекистон ҳудудида буу касаллик учраши илмий исботланмаган. Оқсилга ўхшаш касалликлар учрагани билан лаборатория ташхисида ўзининг тасдиғини топмаган. Кўпинча ушбу касаллик қорамолларнинг камида 4-5 хил касаллиги билан ўхшаш ҳолатда ўтади. Уларнинг ичида бисфуляр стоматит, герпесга ўхшаш касалликлар, ринотрахит бор. Шу кунгача лаборатория ташхисида айнан оқсил касаллиги симптомлари учрамаган.
Оқсил – ўткир кечувчи, ўта тез тарқалувчи инфекцион вирус бўлиб, у билан жуфт туёқли қишлоқ хўжалиги ва ёввойи ҳайвонлар касалланади. Халқ хўжалигига катта иқтисодий зарар етказади.

Касалликни қўзғатувчи вируснинг 7 хил тури: А, О, С, Сат-1, Сат-2, Сат-3, Осиё-1 ва 80 дан зиёд серовариантлари мавжуд. Касаллик қўзғатувчи вируснинг бир тури ёки варианти билан касалланган ҳайвон бошқа тур ёки варианти билан касалланиши мумкин. Оқсил вирусининг ҳар бир тур ва варианти ўзининг иммунобиологик хусусиятлари билан бир-биридан фарқ қилади. Юртимизда вируснинг А, О, Осиё-1 турлари ва уларнинг серовариантлари касаллик қўзғатади.

Ҳайвонларнинг касалланиши асосан бошқа ойларга қараганда баҳор ойида кўпроқ кузатилади. Сабаби ҳаммага ҳам маълум: ҳайвонлар организми қиш давомида анча сустлашади, яъни чидамлилик (иммунитет) даражаси пасаяди. Натижада касалликка мойиллик кучаяди.

Шунинг учун Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси ва унинг тизим ташкилотлари томонидан йилнинг баҳор ва куз ойларида мунтазам равишда ушбу касалликка қарши курашиш ва олдини олиш бўйича илмий асосланган чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб амалга оширилаётир.
“Овсил” касаллиги кенг тарқалмоқда” деган миш-мишлар эса ёлғон. Чорванинг юқумли касаллиги тарқалмоқда, дейиш учун, аввало, касалликнинг эпизоотологик манзили бўлиши керак. Ундан кейин касалланган молларнинг қон ва бошқа таҳлиллари диагностик текширувлардан ўтказилиб, аниқ ташхис қўйилиши керак.”

Ветеринария ва чорвачиликни
ривожлантириш давлат қўмитаси
Ахборот хизмати