“Яма” автомобилга зарар келтирди, зарарни ҳукумат қоплади

Автомобиль эгаси йўллардаги чуқурликлар сабаб ҳукуматдан пул ундириб олди. Буни ўқиган ҳайдовчиларимизнинг юзига нур кириб, қувониши турган гап. Лекин хурсанд бўлишнинг кераги йўқ, чунки бу воқеа чет давлатда бўлган. Маълумотга кўра, Татаристондаги шаҳардан бирида “Maserati Quattroporte” эгаси йўллардаги ўнқир-чўнқирликлар сабаб маҳаллий ҳукуматдан суд орқали 527 минг рубль (7300 доллар) ундирди. Воқеа “Maserati” эгаси 2019 йилнинг мартида шаҳар йўлидаги «яма»га тушиб кетиб, машинасига шикаст етиши оқибати юз берган. Чет элда шунақа бизда эса ундай эмас, афсуски. Агар бизникиларга шунақа имтиёз берилса ҳукумат анчагина чиқим ичида қолади. Чунки бизда нотекис йўллар кўплигидан ҳайдовчиларимиз ўзи шундоқ ҳам қимматга олган автомобилига яна қўшимча маблағ сарфлашларига тўғри келмоқда. Кундан кун чирой очаётган Тошкент шаҳрида ҳам нотекис йўлларни учратишимиз мумкин. Вилоятларни эса… қўйинг бу ҳақда гапирмайлик. Ҳаттоки бизда “таъмирдан чиққан «таъмирталаб» йўллар” деган атама ҳам бор. Бу қанчалик кулгили ва аянчли аҳволнинг ўзгинаси. Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 14 февралдаги «Йўл хўжалигини бошқариш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони соҳага оид кўплаб вазифалар белгилан эди. Бу фармоннинг қабул қилинганини эшитиб кўпчилигимиз хурсанд бўлганмиз. Аммо, ижроси қанчалик амалда бажарилаётганлигига келсак бироз ранжишимизга тўғри келмасмикан?!

Ислом Омон